Буюк Британия Афғонистонга қўшимча куч юборади

Буюк Британия бош вазири Гордон Браун ўз ҳукуматининг Афғонистонга қўшимча ҳарбий юборажагини эълон қилди. АҚШ президенти Жорж Буш билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида бу ҳақда гапирган Лондон раҳбари тафсилотларга тўхталмади.

Аммо Буюк Британия мудофаа вазири Дес Брауннинг билдиришича, 230 та ҳарбий муҳандис, таъминот бўйича мутахассислар ҳамда ҳарбий машғулот ўтказувчи офицерлар келаси ҳафталар ичида Афғонистонга жўнаб кетади.

Қўшимча кучлар юборилгандан сўнг Афғонистондаги инглиз ҳарбийлари сонининг 8000дан ошиши кутилмоқда. Аксар британиялик ҳарбийлар жанубдаги нотинч Ҳилманд вилоятида жойлашган.