Франция НАТО қўмондонлигига қайтмоқчи

Франция президенти Николя Саркози Франция НАТО ҳарбий қўмондонлигига қайта қўшилиши, аммо мамлакатнинг ядровий кучлари Париж назоратида қолишини эълон қилди.

Н.Саркози янги мудофаа стратегияси хусусида халққа қарата қилган мурожаатида Франция ўз мустақиллиги ва беихтиёр урушга аралашиб қолиш хавфисиз НАТО билан муносабатларни янгилашини айтди. НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер Франция президенти қарорини олқишлади.

Франциянинг собиқ президенти Шарль де Голл 1966 йилда АҚШнинг НАТОдаги ҳукмронлигига норозилик тариқасида альянснинг ҳарбий қўмондонлиги таркибидан чиқиш ҳақида қарор қабул қилган эди.