Олимпиада машъаласи Тибетга олиб келинди

Август ойида Пекинда ўтказиладиган Ёзги Олимпиада машъаласи 21 июнь куни хавфсизлик чоралари кучайтирилган вазиятда Тибет пойтахти Лхасага олиб келинди.

Машъалани ёқиш маросими бошланишидан олдин Сичуан вилоятида ўтган ой содир бўлган кучли зилзилада қурбон бўлганлар бир дадиқа сукут билан хотирланди.

Маросимда сўзлаган Тибет коммунистик партияси раҳбари Жанг Қингли:
“Янги социалистик Тибетда бўлаётган воқеаларни тўхтатиш имконсиз. Тибетнинг осмони ҳеч қачон ўзгармайди. Унда беш юлдузли қизил байроқ баланд ҳилпираб тураверади”, – дея баёнот берди.

Олимпиада машъаласи Лхасанинг Пекин шоҳкўчаси ва тибетликлар олий руҳонийси Далай Ламанинг собиқ идораси жойлашган Потала саройи олдидаги майдондан олиб ўтилди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тибетда март ойида Хитой ҳукуматига қарши уюштирилган оммавий норозилик намойишлари аёвсиз бостирилганини кескин танқид қилган.