Дипломатик мулоқот ва санкция сиёсати баравар давом этади

ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана “Рейтер” ахборот агентлигига берган интервьюсида “Ғарб мамлакатлари ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эронга нисбатан ҳам дипломатик мулоқот, ҳам санкциялар сиёсатини баравар давом эттиравериши”ни билдирди.

Унинг таъкидича, расмий Теҳрон Ғарб мамлакатларининг уранни бойитиш ишларини тўхтатишга оид чақириқларини инкор этиб келмоқда.

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Маҳдий Сафарий эса ЕИнинг Эронга қарши яқинда қабул қилган санкциясига жавобан расмий Теҳрон қимматбаҳо қоғозларини Европа бозорларидан чиқариб олишини маълум қилди.

Жорий ҳафта бошида ЕИ Эронга қарши янги санкция жорий этиб, Эрон Миллий банкининг Европадаги маблағларини музлатиб қўйган эди.