КХДР сирларини очмоқда

Шимолий Корея ўз ядровий дастурига оид маълумотларни Хитойга тақдим этди. Ўтган йилда эришилган келишувга мувофиқ жаҳоннинг етакчи давлатлари Шимолий Кореяга ўз ядровий дастуридан воз кечиши эвазига иқтисодий ёрдам кўрсатишни ваъда қилган эди.

Шимолий Корея мазкур ҳисоботни ўтган йилнинг 31 декабрига қадар халқаро ҳамжамиятга тақдим этиши лозим эди.

АҚШ президенти Жорж Буш Шимолий Корея ҳаракатларини олқишлади. Бироқ у КХДРнинг ядровий дастури, жумладан, уранни бойитиш ва ядровий қурол яратиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда у ердаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳануз ёмон қолаётганидан ташвиш билдирди.

Шунингдек, Жорж Буш Шимолий Кореянинг ҳаракатларига жавобан расмий Вашингтон бу мамлакатга қарши санкцияларни бекор қилиб, 45 кун ичида терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан олиб ташлашини маълум қилди.