Вилоят ҳокимига суиқасд уюштирилди

Афғонистонда Нимрўз вилояти ҳокими Ғулом Дастағир Озодга суиқасд уюштирилди.

Хабарларга кўра, худкуш ўзини ҳоким машинаси яқинида портлатиб юборган. Рўй берган портлашда беш киши нобуд бўлган. Ҳоким омон қолгани хабар қилинмоқда.

19 июнь куни ҳам Нимрўз вилояти ҳокимига суиқасд қилинган, ўшанда унинг ўғли ва олти соқчиси нобуд бўлган эди.

Шунингдек, Спин Болдақ шаҳрида халқаро кучлар карвони яқинида содир этилган портлашда тинч аҳоли вакилларидан етти киши тан жароҳати олди.

Бундан бироз аввал Логар вилоятида ҳарбий вертолёт жангарилар томонидан уриб туширилгани хабар қилинган эди. Маълум бўлишича, экипаж аъзолари вертолётни қўндириб, уни тарк этишга муяссар бўлган.