Лавров АҚШни танқид қилди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофа тизими элементларини жойлаштириш режасини яна танқид қилди.

Унинг айтишича, Эрон ўтказган ракета синовлари бу мамлакат ҳарбий арсеналида узоқ масофага учувчи ракеталар йўқлигини намойиш этган. Бу эса, ўз навбатида, расмий Москванинг Европага АҚШ мудофаа тизими керак эмас, деган иддаоларини исботлаган.

“Ўтказилган ракета синовлари Эронда 2 минг км гача учадиган ракеталар мавжудлигини кўрсатди. Бу эса АҚШнинг Марказий Европада мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режасига ҳожат йўқ, деган фикрларимизни тасдиқлади”,- деди Сергей Лавров.

Жорий ҳафта бошида АҚШ Чехия ҳукумати билан бу мамлакатда радар тизими ўрнатишга оид шартномани имзолаган эди. Россия томони эса агар бу шартнома Чехия парламенти томонидан маъқулланса, жавоб тариқасида “ҳарбий-техникавий услубларни қўллаши” тўғрисида огоҳлантирди.