ЕИ Косовога ёрдам сифатида 500 миллион евро ажратмоқчи

Бу ҳақда донор мамлакатларнинг Брюсселда иш бошлаган анжумани чоғида эълон қилинди.

ЕИни кенгайтириш масалалари мутасаддиси Олли Рейннинг айтишича, бу ҳаракатлар ЕИнинг ўз мустақиллигини эълон қилган Косовога ёрдам бериш мажбуриятларига содиқ эканини намойиш этади.

“Бундай ҳаракатлар туфайли, ишончим комил, анжуман чоғида Косовога ёрдам тариқасида бир миллиард евро тўплашга муяссар бўламиз. Бу пуллар Косово тараққиёти ва халқи эҳтиёжи учун, жумладан, энергия, таълим-тарбия, транспорт ва давлат идораларини ислоҳ қилишга керак бўлади”,-деди Олли Рейн.

Косово бош вазири Ҳошим Тачи Косово ҳукумати Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкига аъзо бўлиш учун ариза топширганини маълум қилди.