Журналист қотиллиги юзасидан суд бошланди

Тожикистон Олий Суди Россия “1-канал”и мухбири Илёс Шурпаевни ўлдирганликда гумонланаётган икки шахснинг жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади.

ТВ мухбири Илёс Шурпаев қотиллигида гумонланаётган Масруржон Ятимов ва Нажмиддин Муҳиддинов Тожикистон Жиноят кодексининг ғаразли мақсадда қасддан одам ўлдириш ҳамда уюшган гуруҳ таркибида босқинчилик содир этиш моддалари билан айбланмоқда.

Адвокат Одил Ёрбековнинг “Азия плюс” мухбирига айтишича, тергов сўнггида М.Ятимов айбига қисман иқрор бўлган, Н.Муҳиддинов эса айбловни бутунлай инкор қилган.

Суд адвокатлар ҳали жиноят иши билан тўлиқ танишиб чиқмагани сабабли навбатдаги мажлисни 22 июлга қолдирди.

32 ёшли тележурналист Илёс Шурпаевнинг жасади шу йилнинг 21 мартида Москвадаги ижара уйидан топилган эди. Агар айбланувчилар қилмиши судда исботланса, уларни 25 йиллик ёки умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.