Караджич суд қароридан шикоят қилмоқчи

Душанба куни Белградда ҳибсга олинган Радован Караджич уруш жиноятлари бўйича суд қарори юзасидан шикоят аризаси ёзишини маълум қилди.

22 июль куни Белграддаги уруш жиноятлари бўйича суд босниялик серблар етакчиси Радован Караджични Гаагадаги халқаро трибуналга топширишга қарор қилган эди. Маълум бўлишича, Караджич адвокат хизматидан ҳам воз кечган.

Сешанба куни эса Белградда Р.Караджич тарафдорлари ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар рўй берган. Ўнлаб фуқаро ҳибсга олингани ва жароҳатлангани айтилмоқда.

Айни пайтда жаҳоннинг етакчи давлатлари босниялик сербларнинг собиқ етакчиси ҳибсга олинишини олқишлади.

Радован Караджич 1992-1995 йилларда Сараевода 12 минг кишининг ёстиғини қуритганликда ва 1995 йилда Сребреницада мусулмонларни қатлиом қилгани учун геноцидда айбланаётир.