Журналист устидан суд бошланди

Бишкекда мухолифатдаги “Де-факто” газетаси бош муҳаррири Чўлпон Ўрозбекова устидан суд жараёни бошланди.

Бишкек шаҳри солиқ бошқармаси аризасига кўра, газета муҳарририга нисбатан “ёлғон маълумот тарқатиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Газетада солиқ назоратида коррупция ва порахўрлик ҳолатлари ҳақида мақола эълон қилинган эди. Шундан сўнг Бишкек шаҳри солиқ бошқармаси газетани нотўғри маълумот тарқатганликда айблаб чиққан.

“Де-факто” газетасига қарши жиноят иши қўзғатилиши матбуот эркинлигини йўқотиш ва журналистларни қўрқитишга уриниш, дея баҳоланмоқда.

Қирғизистон фуқаролик жамияти ва мухолифат вакиллари газета ҳимояси учун митинг ва намойишлар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.