ЕХҲТ томонларни босиқликка чақирмоқда

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти грузин-осетин низоси ҳудудида таранглик кучаяётганини қоралади ва томонларни босиқликка чақирди.

Грузия расмийлари Цхинвали раҳбарияти билан ҳеч қандай шартларсиз мулоқот юритишга тайёрлигини билдирди. Жанубий Осетия раҳбари Эдуард Кокойта ҳам расмий Тбилисини музокаралар столига чорлади ва айни вақтда Тбилиси номига бир неча кескин айбловларни илгари сурди.

Жума куни низо ҳудудида содир бўлган отишмада 6 киши қурбон бўлди, тахминан, 13 киши жароҳатланди. Ҳозир Жанубий Осетия ҳукумати аёллар, болалар ва кексаларни можаро ҳудудидан кўчирмоқда. Отишма учун жавобгарликни эса томонлар бир-бирига юкламоқда.