Эрон президенти музокаралар тарафдори

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот яна бир карра Теҳрон ядровий дастури теграсидаги бўҳрондан чиқишнинг ягона йўли дипломатик музокаралардир, деб таъкидлади.

Суриялик ҳамкасби Башар Асад билан музокара ўтказган М.Аҳмадийнажот Эрон раҳбарияти ўз ядровий дастурига оид музокараларга жиддий ёндашаётганини қайд этди.

“Умид қиламизки, бу музокаралар барқарор вазият ҳамда қонуний асосда ўтади, амалий ва мақсадга мувофиқ натижалар беради. Бошқалар ҳам бу масалага жиддий ёндашади, хилма-хил глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш ҳамда тинчлик ва хавфсизлик томон илгарилашга тайёр, деган умиддамиз”,- деди Эрон президенти.

Уранни бойитиш дастурини тўхтатиш эвазига дунёнинг ривожланган 6 давлати томонидан берилган таклифлар жамланмасига Теҳрон якшанба — 3 августга қадар жавоб қайтариши лозим эди. АҚШ маъмурияти Теҳрон бу таклифни қабул қилмаган тақдирда БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан бунга жавобан муносиб санкциялар жорий этилиши йўлларини қидиришидан огоҳлантирган.

2 август куни М.Аҳмаждийнажот ўз давлати ядровий тадқиқотларга бўлган ҳаққини бермаслиги ва бу борада Теҳроннинг халқаро музокаралардаги ҳар қандай иштироки ана шу ҳақ-ҳуқуқларнинг мустаҳкамланиши томон боришини яна бир карра қатъий таъкидлади.