Ҳиндистон Афғонистонга 450 миллион АҚШ доллари ажратади

Бу ҳақда Деҳлига келган Афғонистон президенти Ҳомид Карзай ва Ҳиндистон президенти Пратибҳа Патил ҳамда бош вазир Манмоҳан Сингҳ ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг эълон қилинди.

“Жорий йилда Парижда ўтказилган анжуманда ҳам Ҳиндистон Афғонистонга 750 миллион доллар ажратган эди. Эндиликда Ҳиндистон томонидан кўрсатилаётган молиявий ёрдам бир миллиард икки юз миллионга етди”,-деди Ҳомид Карзайнинг матбуот котиби.

Хабарларга кўра, учрашув чоғида ўзаро ҳамкорлик масалаларидан ташқари терроризмга қарши кураш ҳамда Афғонистонда ишлаётган ҳиндистонликлар хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар муҳокама этилган.

7 июль куни Ҳиндистоннинг Кобулдаги элчихонаси яқинида содир этилган портлашда жами 58 киши, жумладан, ҳиндистонлик икки дипломат нобуд бўлган эди. Расмий Кобул ва Деҳли бу ҳуружда Покистон хавфсизлик хизмати ходимларини айблаб келмоқда.