Грузия бир томонлама ўт очишни тўхтатди

Грузия президенти Михаил Саакашвили айирмачи Жанубий Осетиядаги можароли ҳудудда бир томонлама ўт очишни тўхтатишини эълон қилди.

Шунингдек, Михаил Саакашвили Жанубий Осетия айирмачиларини ўт очишни тўхтатишга ва зудлик билан музокаларни бошлашга чақирди.

Бундан бироз аввал Жанубий Осетия ҳудудида отишмалар давом этаётгани хабар қилинган эди.

Жанубий Осетия расмийларининг билдиришича, Грузия ҳарбийлари томонидан амалга оширилган ракета ҳужуми оқибатида 18 киши тан жароҳати олган, улардан 14 нафари маҳаллий шифохонага ётқизилган.

Тан олинмаган Жанубий Осетия президенти Эдуард Кокойти “Интерфакс” ахборот агентлигига Грузия қўшинлари ўз танк ва ҳарбий техникасини Жанубий Осетияга яқин ҳудудга сафарбар қилаётганини билдирган эди.