Буш Хитойдаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан ташвишда

АҚШ президенти Жорж Буш Пекиндаги Ёзги Олимпиада ўйинлари арафасида Хитойни инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга чақирди.

“АҚШ Хитойда сиёсий диссидентлар ва ҳуқуқ фаоллари ҳибсга олинишига мутлоқ қаршидир. Биз матбуот эркинлиги ва оддий меҳнаткашлар ҳуқуқи таъминланиши тарафдоримиз. Биз Хитой раҳбарияти билан зиддиятга боришни истамаймиз. Ўз халқига тўла эркинлик имкони яратиб берган тақдирдагина Хитой ўз салоҳиятини намойиш эта олади”,- деди Таиланд сафари чоғида Жорж Буш.

Унинг танқидига муносабат билдирган Хитой ҳукумати ўз ички ишларига ҳар қандай аралашувга тоқат этмаслигини маълум қилди.

Жорж Буш 8 август куни Пекинда Ёзги Олимпиада ўйинлари очилиш маросимида иштирок этади.