Тинч аҳоли ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад қилинди

Афғонистондаги НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар қўмондонлиги мамлакат шимоли-шарқида амалга оширилган ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳам нобуд бўлганига оид маълумотларни рад этди.

Халқаро кучлар Каписа вилоятидаги шанба кунги амалиётлар юзасидан текширув ўтказилгани ва натижада ўлдирилганларнинг барчаси жангарилар бўлганини маълум қилди.

Бундан бироз аввал маҳаллий расмийлар халқаро кучларнинг ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 12 киши нобуд бўлгани ва 18 нафари тан жароҳати олганини билдирган эди.

Ҳаво зарбаларида тинч аҳоли вакилларининг нишонга олинаётганидан жиддий ташвиш билдирган мамлакат президенти Ҳомид Карзай Каписа вилоятидаги ҳолат юзасидан текширув ўтказишга топшириқ берди.