Россия аскарлари ҳамон Грузия ҳудудида қолмоқда

Россия ва Грузия ўртасида ўзаро ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилганига қарамай, Россия қўшинлари ҳануз Грузия ҳудудида қолмоқда.

Бундан бироз аввал Грузия Ички ишлар вазирлиги Россия қуролли кучлари мамлакатнинг стратегик жиҳатдан муҳим бўлган шаҳарларини тарк эта бошлаганини билдирган эди.

Бироқ Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Гори шаҳрида россиялик ҳарбийлар сони ортгани ва Россия қўшинлари порт шаҳар ҳисобланмиш Поти томон ҳаракатланаётганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, Гори шаҳри яқинидаги назорат пунктларидан бирида Россия ва Грузия ҳарбийлари ўртасида кичик низо бўлиб ўтган. Шунингдек, маълум бўлишича, россиялик ҳарбийлар Грузия полициячиларнинг Гори шаҳрига киришига рухсат берган.

Сешанба куни Франция президенти Николя Саркози воситачилигида Россия ва Грузия ўзаро ўт очишни тўхтатиш сулҳига эришган эди.