Ҳукумат толиблар билан музокараларни тўхтатади

Покистон бош вазири Юсуф Риза Ғилоний ўз ҳукумати толиблар билан музокара ўтказмаслигини, аксинча зўравонликка сабаб бўлаётган камбағаллик ва ишсизликка қарши чоралар кўришини билдирди.

Сўнгги пайтларда Покистоннинг шимоли-ғарбидаги Афғонистон билан чегарадош вилоятларда ҳукумат ҳарбийлари ўтказаётган амалиётларга қарши зўравонлик содир этиш ҳоллари кўпайди.

21 август куни Покистондаги энг йирик қурол ишлаб чиқарувчи заводда толиблар жангариси ўзини портлатгани оқибатида 64 одам қурбон бўлди, 70дан ортиғи яраланди. Ҳужумдан жабрланганларни бориб кўрган Покистон бош вазири толиблар жангариларига алоқаси бўлмаган гуруҳлар ўз қуролларини топширса, ҳукумат улар билан музокара олиб бориши мумкинлигини айтди.