Карзай коалиция зарбаларини қоралади

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари самолётлари тинч аҳолини бомбардимон қилганини кескин қоралади.

Хабарларга кўра, пайшанба куни Ҳирот вилоятининг Шинданд туманида ҳаводан уюштирилган ҳужум оқибатида тинч аҳолидан камида 76 киши нобуд бўлган. Афғонистон Ички ишлар вазирлиги коалиция кучлари ҳужуми оқибатида қурбон бўлганлар орасида 19 аёл ва 15 ёшга тўлмаган 50 бола ҳам борлигини маълум қилди.

23 август куни Шинданд қишлоғида юзлаб одам ҳаво ҳужумига қарши норозилик намойиши ўтказди.

АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари воқеа юзасидан текширув ўтказилишини маълум қилди. Ҳозирча АҚШ ҳарбийлари ҳаво ҳужуми пайтида фақат толиблар жангарилари ўлдирилганини айтган. БМТ бош котибининг Афғонистондаги вакили Кай Эйде воқеа юзасидан пухта текширув ўтказиш муҳим эканини таъкидлади.