Ёзги Олимпиада ўйинлари ниҳоясига етди

29-Ёзги Олимпиада ўйинларининг ёпилиш маросими Пекиндаги “Қуш ини” стадионида бўлиб ўтди.

Халқаро Олимпия қўмитаси раиси Жак Рогге Хитойни ўзига хос Олимпиада ўйинлари ташкил этгани учун мақтади.

“Олимпиада ўйинлари давомида бутун жаҳон Хитойни яқиндан кузатди. Шу вақт мобайнида дунё аҳли Хитойни, Хитой эса жаҳонни қайта кашф қилди. Ишончим комил, бу нарса ижобий натижага олиб келади”,- деди Жак Рогге.

Олимпиада ўйинларининг байроғи эса Лондон шаҳри вакилларига топширилди. Лондон 2012 йилги Ёзги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.