АҚШ вице президенти Дик Чейни Украинага сафар қилди

Бу ерда АҚШ расмийси Украина президенти Виктор Юшченко билан музокаралар ўтказади. Киевга келишдан аввал Дик Чейни Тбилисида Грузия президенти Михаил Саакашвили билан музокаралар ўтказган эди. Бу музокаралардан сўнг Дик Чейни расмий Вашингтон Грузияни қўллаб-қувватлашни давом эттиришини маълум қилди.

“Грузия мустақиллиги ва суверенитети ўта муҳимдир. Грузия халқи озодлик учун кўп қурбонликлар берди. Улар озод ва эркин бўлишга лойиқдир. Ишончим комил, бу уларнинг тақдири. Америка Грузия учун содиқ дўст бўлиб қолади”,- деди Дик Чейни.

Шунингдек, Дик Чейни Россиянинг Грузиядаги ҳаракатлари халқаро майдонда ҳамкор сифатида расмий Москвага бўлган ишончга путур етказганини таъкидлади.

Дик Чейнининг бу баёнотларидан бир кун аввал Оқ уй маъмурияти Грузияга ёрдам сифатида бир миллиард доллар ажратишини эълон қилган эди.