Грузияга 200га яқин кузатувчи келади

ЕИ ташқи ишлар вазирлари 200га яқин халқаро кузатувчини Грузияга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

ЕИ кузатувчилари октябрь ойидан бошлаб Грузиянинг икки айирмачи ўлкаси - Жанубий Осетия ва Абхазия атрофида ташкил этилган буфер зонага юборилади.

Брюссельда учрашган ЕИ ташқи ишлар вазирлари у ерга юборилажак кузатувчиларни айирмачи ҳудудларга жойлаштириш масаласи кейинроқ кўриб чиқилишини маълум қилди.

Россия ЕИ билан эришилган келишувга мувофиқ халқаро кузатувчилар Жанубий Осетия ва Абхазия атрофидаги буфер зонага жойлаштирилишига розилик берган бўлса-да, кузатувчилар айирмачи ўлкалар ичкарисига киритилмаслигини билдирган эди.

“The Financial Times” нашрига интервью берган НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер ЕИ воситачилигида имзоланган битимни кескин танқид қилиб, Россиянинг айирмачи ўлкаларда ўз ҳарбийларини қолдириш режасини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Европа комиссияси эса Россия билан рўй берган ҳарбий можародан сўнг Грузияга кўмак сифатида 500 миллион евро ажратишини эълон қилди.