БМТ қурбонлар сони ортаётганидан ташвишда

БМТ Афғонистонда рўй бераётган зўравонликларда тинч аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлаётганидан жиддий ташвиш билдирди.

БМТнинг таъкидича, мамлакатда “Толибон” режими қулагандан буён тинч аҳоли вакиллари орасидаги йўқотишлар сони 40 фоиз ортган. Жорий йилнинг январидан августга қадар мамлакат бўйлаб рўй берган зўравонликларда тинч аҳоли вакилларидан жами 1445 киши нобуд бўлган. Маълум бўлишича, ўтган йилда бу кўрсаткич 1040 кишини ташкил этган.

БМТ расмийсининг таъкидича, жорий йилнинг биргина август ойида тинч аҳоли вакилларидан 330 киши нобуд бўлган.

Афғонистон жанубида эса халқаро кучлар ва ҳукумат қўшинлари амалиёти оқибатида ўндан зиёд жангари ўлдирилди, 20га яқини қўлга олинди.

Халқаро кучлар баёнотида айтилишича, Вардақ вилоятидаги тўқнашувларда 10 жангари ўлдирилган. Шу куннинг ўзида Ғазна вилоятида ўтказилган амалиётларда эса бир жангари ўлдирилиб, 20 нафари қўлга олинган.