Россия айирмачилар билан дўстлик келишуви имзолади

Россия Грузиянинг айирмачи ўлкалари - Жанубий Осетия ва Абхазия билан ҳамкорлик ва дўстлик келишувини имзолади.

Мазкур ҳужжат Москвада Россия президенти Дмитрий Медведев ҳамда Жанубий Осетия ва Абхазия етакчилари томонидан имзоланди.

“Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шартномалари Абхазия ва Жанубий Осетия билан икки томонлама муносабатларимизнинг ҳуқуқий асосини шаклантириш учун муҳим пойдевордир. Бу муносабатлар бундан буёғига халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида қурилади”,- деди Дмитрий Медведев.

Имзоланган келишувга мувофиқ расмий Москва айирмачи ўлкалар билан бир қатор соҳаларда, жумладан, ҳарбий, иқтисодий ва дипломатик алоқаларни йўлга қўяди.

Шунингдек, Дмитрий Медведев Жанубий Осетия ва Абхазияга нисбатан учинчи давлат томонидан агрессия қўлланса, бу ўлкаларга ҳарбий кўмак кўрсатишга ваъда берди.

Ўтган ойда Россия мазкур ўлкалар мустақиллигини тан олган эди.