КХДР ядровий реакторни ишга туширишга тайёрланмоқда

Шимолий Корея ҳукумати келаси бир ҳафта ичида Йонбондаги ядровий реакторни қайта ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда.

Маълум бўлишича, расмий Пхеньян ўз ядровий иншоотларидаги Халқаро атом энергияси агентлиги тамғалари ва кузатиш мосламаларини олиб ташлаган. Шунингдек, Шимолий Корея ҳукумати халқаро кузатувчилар мамлакат ядровий иншоотларига киритилишига рухсат берилмаслиги тўғрисида огоҳлантирган.

Жорий йил бошида расмий Пхеньян ўтказилган олти томонлама музокаралардан сўнг иқтисодий кўмак эвазига ўз ядровий дастуридан воз кечишини эълон қилиб, Йонбондаги ядровий реакторни тўхтатган эди. Бироқ жорий ой бошида КХДР ҳукумати бу музокаралардан сўнг ўз зиммасига олган мажбуриятидан воз кечганини эълон қилганди.