Евро ҳудуди инқирозни бартараф этиш учун курашмоқда

Евро ҳудудидаги давлатлар молия вазирлари жаҳон молия тизимидаги бўҳронни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилмоқда.

7 октябрь куни эса ЕИга аъзо барча 27 давлат молия вазирларининг фавқулодда мажлиси бўлиб ўтади.

Айни пайтда ЕИга аъзо кўпгина давлатлар Германия ҳукумати каби банкларга қўйилган жамғармалар сақланишига кафолат бермоқда. Якшанба куни Германия канцлери Ангела Меркель ўз ҳукумати мамлакатнинг хусусий банкларидаги барча жамғармаларга кафолат беришини эълон қилган эди. Италия бош вазири Сильвио Берлускони ЕИ ҳукуматлари молиявий барқарорликни сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солишини маълум қилди.

Ўтган ҳафтада Буюк Британия, Германия, Италия ва Франция молия тизимидаги инқирозни биргаликда бартараф этишга келишиб олган эди. Бироқ ЕИнинг иқтисоди ривожланган бу тўрт давлати АҚШ ҳукумати каби молия институтларига ёрдам кўрсатиш режасини ишлаб чиқишдан воз кечди.