Августда АҚШ ҳаво зарбаларидан ўнлаб одам ўлди

АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондонлиги август ойида мамлакат ғарбида амалга оширилган ҳаво зарбаларида тинч аҳоли вакилларидан 33 киши нобуд бўлганини маълум қилди.

Даставвал АҚШ ҳарбийлари 22 август амалиётларида камида беш ёки етти киши нобуд бўлганини тан олган эди.

Афғонистон ҳукумати ва БМТнинг маҳаллий идораси АҚШ ҳарбийларининг бу амалиётида тинч аҳоли вакилларидан 90га яқин киши нобуд бўлганини эълон қилган эди.

Шунингдек, АҚШ ҳарбийлари Ҳирот вилоятидаги амалиётларда “Толибон” ҳаракатининг 20дан зиёд жангариси ҳам йўқ қилинганини билдирган.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Афғонистонда тинч аҳоли вакиллари орасидаги йўқотишларга халқаро кучларнинг ҳаво зарбалари сабаб бўлаётганидан ташвиш билдирди.