Ҳукумат банкларни сотиб олишга катта маблағ сарфлайди

АҚШ молия вазири Генри Полсон ҳукумат молия инқирозидан қийинчиликларга дуч келаётган йирик банклар акцияларини сотиб олиш учун 250 миллиард доллар сарфлашини маълум қилди.

Мазкур режа бундан бироз аввал президент Жорж Буш томонидан эълон қилинган эди.

Оқ уйда чиқиш қилган АҚШ раҳбари, шунингдек, кредит бозорини қайта жонлантириш мақсадида банклараро қарзларга ҳукумат томонидан кафолат берилишини маълум қилди.

“Федерал ҳукумат 700 миллиард долларлик қутқарув режасининг бир қисмини банклар акцияларини сотиб олишга ишлатади. Банклар, ўз навбатида, бу маблағни тадбиркорларга ва фуқароларга қарз беришга ишлатади. Айрим банклар эса молия тизимдаги бўҳрон туфайли пайдо бўлган камомадларни шу маблағ билан тўлдириши мумкин, хуллас, банклар ўз фаолиятини давом эттириб қўшимча ишчи ўринларини яратишга ва иқтисод ўсишига ҳисса қўшади”,- деди Жорж Буш.

Шу пайтгача АҚШ ҳукумати фақатгина қарзга ботган банкларга молиявий ёрдам кўрсатиб келаётган эди.

13 октябрь куни Европанинг бир неча давлати ҳам глобал молия тизимидаги бўҳронни бартараф этишга оид қутқарув режаларини эълон қилганди. Ушбу режага мувофиқ Европа ҳукуматлари инқирозга юз тутаётган банкларнинг акцияларига эгалик қилиш эвазига уларга молиявий ёрдам кўрсатади.
Европа ҳукуматларининг режаси ошкор қилинган душанба кундан бошлаб Осиё, Европа ва АҚШ фонд биржалари савдосида ўсиш кузатилди.