ШҲТ ягона энергетик тизимга ўтмоқчи

Хитой¸ Қирғизистон¸ Россия ва Тожикистон Бош вазирлари 30 октябр кунги Остона учрашуви якунларидан мамнун кўринадилар.

ШҲТ ҳукумат раҳбарларининг ҳафта сўнгида Остонадаги учрашувида бутун дунёда кузатилаётган молиявий инқироз ва энергетик заҳиралар масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Қозоғистон пойтахти Остонада ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари учрашувида Россия Бош вазири Владимир Путин молиявий инқироз кузатилаётган бир пайтда ўз мамлакатининг мавжуд муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этишини қайд этди:

- Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун Россия глобал молиявий архитектурани ўзгартириш ишида иштирок этиш ниятида, - деди Россия бош вазири.

Ўз навбатида, В. Путин мазкур учрашув чоғида энергетика заҳираларини бир давлатдан иккинчисига олиб ўтиш борасида имзоланган давлатлараро баённома алоҳида аҳамият касб этишини ҳам қўшимча қилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари раҳбарларининг учрашувида сўзлаган Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов эса ШҲТга аъзо давлатларда ягона энергетика муҳитини барпо этиш учун барча шароитлар борлиги ва бу ишни орқага сурмаслик лозимлиги ҳақида гапирди.

Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойни боғлаб турувчи мавжуд қувурлар тизими ШҲТнинг ягона энергетика муҳитини яратиш учун жиддий асос бўлиб ҳисобланади, - деди Қозоғистон бош вазири.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ушбу йиғилишида кузатувчи сифатида иштирок этган Мўғулистон бош вазири Санжагийир Баяр ҳам ўз мамлакатининг ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида ягона энергетика ва транспорт муҳитининг яратилиши тарафдори эканини таъкидлади.

- Биз ҳам ШҲТ доирасида ягона энергетика ва транспорт муҳити барпо этилишини ёқлаймиз, - деди Мўғулистон бош вазири.

Хитой Бош вазири Вен Дзя Бао эса бутун дунёда кузатилаётган молиявий инқироз даврида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашлари кераклигини билдирди.

Баъзи кузатувчиларга кўра, Марказий Осиё давлатлари Хитойнинг тез суръатлар билан ўсиб бораётган иқтисодидан ўрнак олиш истагидалар. Хитойда солиқ соҳасида яратилган енгилликлар, бу мамлакатда эркин иқтисодий корхоналарнинг ташкил этилгани, коррупцияга қарши олиб борилаётган жиддий кураш, мамлакатга кириб келаётган сармоялар миқдори минтақа давлатларини қизиқтириб келади.

Ўз навбатида, Хитой ҳам Марказий Осиё давлатлари бозоридан фойдаланиш истагида эканини яширмайди. Шу боис, ҳозирда мамлакат ўзига қўшни бўлган давлатларга чиқиш учун транспорт йўлларини қуриш ишларини фаол йўлга қўйганини маълум қилди.