ЕИ-Россия: сўзлашувлар тикланиши кутилмоқда

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари бугун Брюсселда Россия билан ҳамкорлик тўғрисидаги янги шартнома юзасидан сўзлашувларни қайта тиклаш масаласини муҳокама қиладилар.

Музокаралар августда - Россия Грузия ҳудудига бостириб кирганидан сўнг тўхтатиб қўйилган эди.

5 ноябрь куни Европа Комиссияси сўзлашувларни тиклаш ташаббуси билан чиққан, бироқ Литва билан Польша қарши чиққанди. Иттифоқнинг бу икки аъзоси фикрича, Россия Грузия бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини тўла бажариб бўлгани йўқ.

14 ноябр, жума куни Франциянинг Ницца шаҳрида ЕИ-Россия саммити бўлиб ўтади.