Вашингтон Москвани музокарага чорламоқда

Вашингтон Шарқий Европада АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштириш масаласида Москва билан мулоқотни давом эттиришга тайёр.

Давлат департаменти вакили Роберт Вуд (Robert Wood) га кўра, Давлат котиби муовини Жон Руд (John Rood) яқин вақт ичида Россия вакиллари билан учрашиб, АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа соҳасида сўнгги таклифларини муҳокама қилади. Гап Россия ҳарбийларининг Чехия ва Польшага ўрнатилажак АҚШ объектларига кириш имкони устида бормоқда.

Бироқ Россия ташқи ишлар вазирлиги бироз аввал бу таклифларни Москва қабул қилмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

Президент Медведев эса ўтган ҳафтада АҚШ радарларига қарши Россия бир қатор чоралар кўриши, жумладан, Калининград областида "Искандар" ракета мажмуаси жойлаштирилиши тўғрисида эълон қилди.