Вашингтон Теҳрон синовларини қоралади

- Эроннинг ракета синови ўтказгани унинг халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммасига олган мажбуриятларига мутлақо зиддир, - деди Оқ уй вакили Gordon Johndroe Эроннинг ракета синовга муносабат билдираркан.

У, шунингдек, Теҳронни янги синовлар ўтказишдан тийилишга чақирди.

Чоршанба куни Эронда 2 минг километрли радиусда зарба бера оладиган ракета синовдан ўтказилгани хабар қилинган эди.


Эрон мудофаа вазири Мустафо Муҳаммад Нажар: "Бу ракеталар фақат Эронни мудофаа қилиш учун мўлжалланган",- деб баёнот берди.

АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Франция, Россия ҳамда Германиянинг юқори лавозимли дипломатлари Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ муаммони бугун Парижда муҳокама қиладилар.