Исроил Ғазога ҳужум қилиш билан таҳдид қилмоқда

Исроил Ғазо минтақасидаги Фаластин жангариларининг ракета ҳужумига жавобан уларга қарши ҳарбий амалиёт бошлаш билан таҳдид қилмоқда.

Исроил Мудофаа вазири Эхуд Барак Натания шаҳарчасида қилган чиқишида яҳудий давлати ракета ҳужумларига чидаб турмаслигини айтиб, Исроил армиясининг Фаластин томони учун талафотли бўлиши мумкин бўлган ҳарбий ҳужумга тайёрлигидан огоҳлантирди.

Зўравонликлар авжига чиқиши ортидан Исроил 4 ноябр куни Хамас назоратидаги Ғазо минтақасига кириш-чиқиш пунктларини ёпиб қўйган эди. Рўй берган тўқнашувлар беш ойдан бери давом этиб келган сулҳга путур етказди.

Бўҳрон туфайли БМТнинг гуманитар ёрдам идораси Ғазодаги 750 минг фаластинлик қочқинга ёрдам кўрсатишни тўхтатишга мажбур бўлди.