Ҳакамлар телекамералар киритилмаслигини сўраган

Суд ҳакамлари таниқли журналист Анна Политковская ўлдирилгани юзасидан ўтказилаётган маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтказилишини сўрамаганликларини айтдилар.

20 нафар ҳакамдан 19 нафари эълон қилган баёнотда улар маҳкамага оммавий ахборот воситалари вакиллари киритилмаслигини эмас, балки суд залига телекамералар киритилмаслигини илтимос қилишгани билдирилган.

Политковская оиласининг адвокати Анна Ставицкая “Озодлик” радиосига берган интервьюсида суд очиқ бўлиши жамият учун муҳим аҳамиятга эга эканини айтди:

- Биз аввалданоқ суд жараёни очиқ бўлиши кераклигини қатъий гапириб келдик. Жамият ўзи хулоса чиқариши учун суд жараёнида нималар содир бўлганини жамоатчиликка етказиш биз учун муҳим эди, – деди Политковская оиласининг адвокати.

Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлган Анна Политковская 2006 йил октябрида Москвадаги ўзи яшайдиган уй йўлагида отиб ўлдирилган эди. Политковскаяни отганликда айбланган Рустам Маҳмудов ҳозирда Россия ҳудудида эмаслиги айтилмоқда.