Обама молия вазирини танлади

Янги сайланган АҚШ президенти Барак Обаманинг ёрдамчиси янги маъмуриятда молия вазири лавозимига Марказий Банкнинг Нью-Йорк бўлими раиси Тимоти Гайтнер тайинланажагини ошкор қилди.

Дэвид Акселрод Фокс телеканали билан суҳбатида 47 яшар Гайтнерни бу лавозимга характер ва тажриба жиҳатидан “энг лойиқ шахс”, дея атади.

Якшанба куни Обаманинг ёрдамчилари, шунингдек, собиқ президент Билл Клинтон маъмуриятида молия вазири бўлган Лоуренс Саммерс Оқ уйнинг Миллий иқтисодий кенгаши раҳбари этиб тайинланишини маълум қилди.

Гайтнер билан Саммерс 20 январ куни Обама президент сифатида иш бошлаганидан кейин янги маъмуриятнинг жаҳон молиявий бўҳронини ҳал этиш ҳаракатларига бош-қош бўлади.

Шанба куни Обама келаси икки йил давомида Америка бўйлаб икки ярим миллионта янги иш жойи яратиш режаларини очиқлади.

- Бу Америка бўйлаб янги иш жойларини яратиш, мустаҳкам ва ўсувчан иқтисод учун замин яратишга қаратилган икки йиллик режа бўлади. Биз вайрон бўлиб ётган йўлларимиз ва кўприкларимизни қайта қуриш, фарзандларимизни ўқитишда панд бераётган мактабларни замонавийлаштириш, бизни хорижий нефтга тобеликдан қутқарадиган ва яқин келажакда иқтисодимизнинг рақобатбардош бўлиб қолишига ёрдам берадиган шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, тежамли автомобиллар ва муқобил энергия технологияларини яратиш орқали одамларга иш берамиз, - деди Обама.

У ўзининг иқтисодий мулозимлари рўйхатини душанба куни Чикагода ўтказиладиган матбуот анжуманида эълон қилади.