Бағдодни яна портлашлар титратди

Бағдод марказида рўй берган икки портлаш оқибатида камида 18 киши нобуд бўлди, 20дан зиёд фуқаро тан жароҳати олди.

Полицияга кўра, биринчи портлаш Ироқ парламенти ва хорижий элчихоналар жойлашган Яшил зонага яқин полиция назорат пункти олдида худкуш аёл томонидан содир этилган. Оқибатда беш киши нобуд бўлган.

Шунингдек, Бағдод шарқида Савдо вазирлиги ходимлари кетаётган автобус йўл четига ўрнатилган бомбага дуч келган. Рўй берган бу портлаш оқибатида камида 11 киши нобуд бўлган.

Айни пайтда Ироқ парламенти Вашингтон ва Бағдод ўртасида имзоланилган америкалик ҳарбийларнинг мамлакатда яна уч йил қолишига имкон берувчи хавфсизлик шартномаси лойиҳасини муҳокама этмоқда.

Кўпгина ироқликлар, жумладан, радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садр тарафдорлари АҚШ ҳарбийларининг имкон қадар тез фурсатда мамлакатдан чиқарилишини талаб қилмоқда.