Бакиевга импичмент эълон қилмоқчилар

Қирғизистондаги “Коррупцияга қарши кураш” сиёсий ҳаракати жорий йил 1 декабридан бошлаб мамлакат президентига импичмент эълон қилиш жараёнини бошлашини эълон қилди.

Қирғизистондаги “Коррупцияга қарши кураш” сиёсий ҳаракати раҳбари Назарбек Нишоновнинг Озодлик радиосига айтишича, тўрт ой ичида президент истеъфоси учун фуқаролардан 100 минг имзо йиғилган.

- Декабрда ҳам имзо йиғиш давом этади. Шунинг учун ҳам 1 декабрдан президентга импичмент эълон қилиш жараёнини бошламоқчимиз”, - деди Назарбек Нишонов.

Қирғизистон мухолифатидаги “Инқилобий қўмита” ҳаракати, “Жўмард” ватанпарварлик ҳаракати, “ЭрК” партияси ва “Қирғизистон Мусулмонлар иттифоқи” ҳам президент ҳамда ҳукуматни истеъфога чиқариш учун кураш олиб боришларини билдирганлар.

Қирғизистон қонунларига кўра, сиёсий партиялар президентга ишончсизлик билдириш жараёни бошланиши учун 300 минг имзо йиғишлари керак бўлади.