Лондон дипломатлари раҳбари Кобулда

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд олдиндан эълон қилинмаган сафар билан Афғонистонга келди.

Британиянинг Кобулдаги элчихонаси тарқатган маълумотга кўра, Милибанд Кобулда президент Ҳомид Карзай билан учрашиб, музокаралар ўтказган. Бироқ учрашув тафсилотлари ошкор қилинмади.

Афғонистондаги халқаро кучлар сафида ҳозирда саккиз мингга яқин британиялик ҳарбий хизмат қилмоқда. Уларнинг аксари толибон жангариларига қарши Ҳелманд вилоятида ўтказилаётган амалиётларда иштирок этмоқда.

Айни пайтда¸ Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондонлиги душанба куни Ҳелманд вилоятида рўй берган тўқнашувларда британиялик аскар нобуд бўлганини билдирди.