Буш Ироқ парламенти қарорини олқишлади

АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқ парламентининг Бағдод билан Вашингтон ўртасидаги хавфсизлик келишувини маъқуллаганини олқишлади.

Ироқ парламенти АҚШ қўшинларининг мамлакатда яна уч йилга қолишига рухсат этувчи ҳужжатни пайшанба куни қабул қилди.

Президент Бушнинг Оқ уй томонидан ўқиб эшиттирилган баёнотида айтилишича, пайшанба кунги қарор “Ироқ демократиясининг юксалиши ва унинг ўзини ҳимоя қила олиш салоҳиятини яна бир бор намойиш қилган”.

Қабул қилинган келишув Ироқ билан Қўшма Штатлар ўртасида “узоқ муддатли икки томонлама муносабатларга замин ясайди”, дейилади Бушнинг баёнотида.

Ироқ Парламенти раиси Маҳмуд ал-Машҳаданий мажлисда қатнашган депутатлар “кўпчилик овоз билан” келишув қабул қилиниши учун овоз берди, дея баён қилди.

Янги келишувга кўра, АҚШ қўшинлари келаси йилнинг 30 июнига қадар Ироқ шаҳарларини, 2012 йилнинг 1 январига қадар эса мамлакатни тарк этиши лозим бўлади.

Ироқ АҚШ қўшинлари устидан назоратни ҳам қўлга киритади.