Мумбайда амалиётлар давом этаяпти


Ҳиндистон махсус кучлари Мумбай шаҳрида ўнлаб фуқароларни гаровга олган қуролли гуруҳларга қарши кенг кўламли амалиётларни давом эттирмоқда.

Полицияга кўра, жангарилар беркинган меҳмонхоналардан бирида 30та жасад топилган. Шу билан Мумбайда содир этилган ҳужумлар оқибатида нобуд бўлганлар сони 140дан ортди.

Ҳиндистон телеканаллари хабарига кўра, махсус кучларининг шаҳардаги яҳудий марказида ўтказган амалиётлари ниҳоясига етган. Бундан бироз аввал телеканаллар махсус кучларнинг ушбу марказ томига вертолётдан тушаётгани ва гаровдагиларни озод этишга тайёргарлик кўраётганини намойиш этган эди. Шунингдек, бошқа бир маълумотларга кўра, бугун 30га яқин киши, жумладан, хорижликлар Оберой меҳмонхонасида ўтказилган амалиёт чоғида озод қилинган.

Ҳозирда Ҳиндистон хавфсизлик кучлари Тож Маҳал меҳмонхонасида беркиниб олган жангариларга қарши амалиётлар олиб бормоқда. Воқеа жойида бўлган журналистлар ўқ овозлари ва портлашлаш эшитилаётгани тўғрисида маълум қилмоқда.

Айни пайтда ҳужум қилганларнинг шахси аниқланганича йўқ, лекин расмийлар ва мутахассислар ҳужумларни исломий экстремистлар амалга оширганини тахмин қилмоқда.

27 ноябр куни Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Сингҳ ҳужум учун масъулларни топиб, жазолаш учун “керак бўлган барча чораларни” кўришини ваъда қилди.