Карзай ва Зардорий учрашади

Бугун Афғонистон ва Покистон президентлари Истанбулда учрашадилар.

Ҳамид Карзай ва Осиф Али Зардорий ўртасида Туркия воситачилигида иккинчи бор уюштирилаётган учрашув икки қўшни давлатни бир-бирига тобора яқинлаштириш мақсадини кўзлайди.

2007 йилда Анқарада учрашган президент Карзай ва Покистоннинг собиқ президенти Парвиз Мушарраф Толибон исёнчиларига қарши биргаликда курашишга келишиб олган эди.

Афғонистон расмийлари Покистонни жангариларни чегарада тўхтатиш учун етарли чора кўрмаётганликда айблаб келади. Покистон бу айбловларни рад этади.

Афғонистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, Хост шаҳрида ҳукумат биноларига қарши уюштирилган худкуш ҳужумлар оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган.

Чоршанба куни Ҳирот шаҳрида қуролланган шахслар икки нафар қабила етакчисини отиб ўлдирган. Кеча эса Ҳилманд вилоятидаги Герешк шаҳрида НАТО қуролли кучлари таркибидаги икки Дания аскари ҳалок бўлди.