Алексий II вафот этди

Рус православ черкови қавми патриарх Алексий II билан видолашмоқда

Россия православ черкови расмийлари патриарх Алексий II 79 ёшда Москва яқинидаги қароргоҳида вафот этганини маълум қилди.
Таллин шаҳридаги Болтиқбўйи немислари оиласида таваллуд топган Алексий Ридигер ўз руҳонийлик фаолиятини Совет Иттифоқи даврида ҳукумат назоратида бўлган православ черковида бошлаган.

Бошқа номзодларга қараганда Алексий II Михаил Горбачевнинг ислоҳотларига яқин руҳда бўлгани боис 1990 йилда у биринчи марта ҳукумат аралашувисиз Россия православ черковига раҳбар этиб сайланган.

90-йиллар ўрталарида патриарх Алексий II Россия президенти Борис Ельцин ёрдами билан черковларни қайта тиклаш ишларини бошлаган ва семинариялар очган.

Россия ва xориждаги православ черковларини 2007 йилда бирлаштиришга муваффақ бўлганини кўпчилик патриарх Алексийнинг буюк хизмати, дея баҳолайди. У россияликлар орасида ҳам катта обрў қозонган. Россиядаги йирик диний тадбирлар ҳеч қачон унинг иштирокисиз ўтмаган.

Патриарх Алексий II сўнгги марта вафотидан бир кун олдин, яъни 4 декабрь куни Кремл черковида ўтказилган диний маросимга етакчилик қилган.

Ҳиндистон сафарида бўлган Россия президенти Дмитрий Медведев 5 декабрь куни Деҳлида қилган чиқишида Россия православ черкови раҳбари патриарх Алексей II вафот этганини эшитиб, чуқур қайғуга ботганини айтди:

- Унинг вафоти муносабати билан ҳаммамиз чуқур қайғуга ботдик. Бу мен учун ҳам оғир йўқотишдир. Биз унинг ўз мамлакати ва халқига кўрсатган маънавий мададини, донишмандлигини ва чексиз садоқатини доим эътироф этамиз. Унинг хотираси қалбимизда мангу сақланиб қолади¸ - деди Россия президенти Дмитрий Медведев.

Айни пайтда Россия раҳбарлари ва бошқа черковлар расмийлари ҳам Россия православ черкови раҳбарининг вафотига муносабат билдирмоқдалар. Хусусан, бош вазир Владимир Путин Патриарх Алексий II нинг вафотини Россия учун “катта йўқотиш” экинини таъкидлади.

СССРнинг охирги президенти Михаил Горбачёв эса Патриарх Алексий II ўзи жуда ҳурмат қилган инсонлардан бири бўлганини айтиб, унинг вафот этгани муносабати билан таъзия изҳор қилди.

Сербия православ черкови Россия православ черковига ўзининг таъзия мактубини йўллади.

Алексий II нинг вафоти муносабати билан Англия черкови раҳбари Рован Виллиамс ҳам ўз таъзиясини билдирди.

Россия мусулмонлари муфтийлар кенгашининг раиси Равил Ғайнуддин эса партиарх Алексий II нафақат Россия православ черкови ривожи учун¸ балки мамлакатда тинчлик барқарор топиши учун ҳам ўз ҳиссасини қўшганини қайд этди.

Патриарх Алексий II ни нодир инсон деб атаган Россия яҳудийлари бош раввини Берл Лазар Алексий II динлараро мулоқот йўлида кўп ишлар қилганини айтди.

Россия православ патриархати матбуот вакили Владимир Вигилянский Москва вилоятидаги патриархат биносида 6 декабр куни черков раҳбарларининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтишини маълум қилди. Патриархат вакилига кўра, йиғилишда Рус православ черкови низомига мувофиқ вақтинчалик раҳбар сайланади.

- Сайлов тартиби Синод томонидан белгиланади. Россия православ черковининг вақтинча сайланган раҳбари маҳаллий кенгаш йиғилиши ўтказилгунига қадар Россия православ черковини бошқариб туради¸ - деди Россия православ патриархати матбуот вакили Владимир Вигилянский.

Айни пайтда патриарх Алексий II нинг 9 ноябр куни дафн этилиши маълум бўлди. Хабарларга кўра, Рус православ черкови етакчисининг ҳоки Москвадаги Богоявленский Жомеъ черковига қўйилади.