Эрон Обамадан қўрқмайди

Эрон АҚШнинг янги сайланган президенти Барак Обаманинг Теҳронга нисбатан қатъий бироқ мақсадга йўналтирилган сиёсат олиб бораман, деган баëнотига муносабат билдирди.

Ўтган ҳафта Барак Обама навбатдаги радиомурожаатида Эроннинг ядровий дастури, турли жангари гуруҳларни қўллаб-қувватлаши ҳамда Исроилга нисбатан қилинаётган таҳдидларига бошқа тоқат қилинмаслиги тўғрисида огоҳлантирган эди.

Бу баëнотга жавобан Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳассан Қашқавий расмий Теҳрон ўз ядровий дастуридан ҳеч қачон воз кечмаслигини яна бир бор такрорлади.

Шунингдек, Қашқавий АҚШнинг Эрон ядровий дастурига нисбатан самарасиз ширин кулча ва таёқ ёндашувини ўзгартириш вақти келганини ҳам таъкидлади.