Шимолий Альянс муқобил йўл излаяпти

НАТО Афғонистонга жойлаштирган ўз қўшинларига таъминот етказиш учун муқобил йўл қидирмоқда.

НАТОнинг матбуот котиби Жеймс Аппатурай Озод Европа/Озодлик радиосига темир йўл орқали юк ташиш учун Россия, Беларус, Украина ва Марказий Осиё республикалари билан сўзлашувлар олиб борилаётганини айтди. Аппатурай бу борада фақат техник масалаларни ҳал қилиш қолганини айтди.

“Коммуникация йўли” деб номланган бу лойиҳа юзасидан сўзлашувлар қарийб икки йилдан бери давом этмоқда.

Афғонистондаги НАТО ҳарбийларига зарур бўлган ускуналар ҳозирга қадар Покистон ҳудуди орқали етказилмоқда. Сўнгги ойларда жанггарилар НАТО кучларига мўлжалланган юкларни талон-тарож қилингани НАТОни ишончли муқобил таъминот йўлини излашга мажбур қилмоқда.