АҚШ Афғонистонга қўшимча аскар юборади

АҚШ келаси йил ёзига қадар Афғонистонга 20 минг аскардан иборат қўшимча куч жойлаштиради.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Афғонистондаги қўмондонлар тавсия қилган тўрт ҳарбий қисмнинг учтаси баҳорда ёки кечи билан ёз фаслига қадар узоқ муддатга Афғонистонга жойлаштирилишини маълум қилди.

11 декабрь куни Қандаҳорда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Роберт Гейтс узоқ муддатни кўзлаб Афғонистонга қўшимча куч жойлаштириш зарурати борлигини айтди:

- Мен узоқ муддатга қўшинлар жойлаштиришга талаб бор, деб ўйлайман. Неча йил давомида ва қанча қўшин жойлаштирилишини ҳозирча ҳеч ким билмайди, - деди АҚШ Мудофаа вазири.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 31 минг аскардан иборат ҳарбий қисмлари бор. Қўшимча куч жойлаштириш тугаганидан кейин Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сони 50 мингдан ошади.