Душанбе Россиядаги миллатчилардан ташвишда

Расмий Душанбе Тожикистон фуқаросининг Москвада ваҳшийларча ўлдирилиши юзасидан Россиянинг мамлакатдаги элчисига норозилик нотаси топширди.

Тожикистон томони Россия расмийларини ушбу мудҳиш қотиллик ижрочиларини зудлик билан топиш ва жазолашга чақирди.

10 декабр куни Москва яқинида Тожикистон фуқаросининг бошсиз жасади топилган эди. Ушбу ваҳший қотиллик учун маъсулиятни Россиядаги миллатчи гуруҳлардан бири ўз зиммасига олди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, жорий йил давомида Россияда 600дан зиёд тожик миллатига мансуб шахслар нобуд бўлган, улардан камида 84 нафари миллий нафрат асосида содир этилган жиноятлар қурбонига айланган.