Россия ва АҚШ қурол масаласини муҳокама қилди

Россия ва АҚШ расмийлари Москвада қуролларни назорат қилиш ва ракета ҳужумига қарши мудофаа тизимига оид масалаларда ўзаро музокаралар ўтказди.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков ва АҚШ давлат котибининг ўринбосари лавозимини вақтинча эгаллаб турган Жон Руд ўртасидаги музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

Хабарларга кўра, ушбу музокаралардан мақсад икки давлат ўртасида 1991 йилда қабул қилинган, бироқ келаси йил муддати тугайдиган ядровий қурол тарқатмасликка оид битимга муқобил (битим ўрнини босувчи) янги келишув ишлаб чиқишдан иборат.

Бундан ташқари расмий Москва АҚШнинг Марказий Европга мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режасига кескин қаршилик қилиб келмоқда.