Миллатчилар жазоланди

Москва суди миллий нафрат асосида 20 дан зиёд қотилликни содир этган етти ўсмирга олти йилдан 20 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси тайинлади.

Маълум бўлишича, бу ўсмирлар 2006-2007 йиллар давомида Москва ва пойтахтга туташ ҳудудларда славян бўлмаган фуқароларга ҳужум уюштирган. Бундан ташқари, бу ўсмирлар ўз хунрезликларини видеога олиб, уни интернет тармоғига ҳам жойлаштирган.

Айни пайтда¸ 14 декабр куни Москвада қозоғистонлик 18 яшар талаба номаълум шахслар томонидан чавақлаб кетилгани хабар қилинди.

10 декабр куни эса Москва яқинида Тожикистон фуқаросининг бошсиз жасади топилган эди. Ушбу ваҳший қотиллик учун масъулиятни Россиядаги миллатчи гуруҳлардан бири ўз зиммасига олди.