Қароқчилар қуруқликда ҳам таъқиб қилинади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Сомали қароқчиларини қуруқликда ҳам таъқиб қилишга оид резолюцияни бир овоздан қабул қилди.

Кенгашнинг барча аъзолари розилигига эришиш учун резолюция тарафдорлари мамлакатлар суверенитети борасида хавотир билдирган аъзолар давлатлар билан муроса топишга мажбур бўлди.

Қабул қилинган резолюция, Сомали ҳукуматининг рухсати олиниши шарти билан, Сомали ҳудудида қароқчиликни режалаштириш, қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга ҳаракат қилганларга қарши қуруқликда ёхуд ҳавода “барча керакли чоралар”ни кўришга йўл очиб беради.

Резолюциянинг қабул қилинишига АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс бош-қош бўлди.

Ҳужжатнинг қабул қилиниши Сомали қароқчилари мамлакат соҳиллари яқинида яна иккита кемани асир олгани пайтига тўғри келди.